02 July 2026
Xabarnoma
“Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” акциядорлик жамиятининг (“ЎзИҚМК” АЖ) 2020-йил 25-майдаги акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига асосан, жамият 2020-йил 25-майдан бошлаб Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича Комиссия йиғилишининг 2015-йил 31-декабрдаги баённомаси билан тасдиқланган Корпоратив бошқарув кодекси (кейинги ўринларда Кодекс деб юритилади) тавсияларини ихтиёрий равишда амалга ошириш мажбуриятини олган.
“ЎзИҚМК” АЖ 2025-йил 1-январдан 2025-йил 31-декабргача бўлган даврда ўз фаолиятини Кодекс тавсияларига мувофиқ амалга оширганлигини ва келгусида ҳам уларга риоя қилишини маълум қилади.
Шу билан бирга, ҳисобот даврида Кодекснинг тавсиялари қуйидаги баъзи истиснолар билан амалга оширилди.
I. Кодекснинг III бўлими 15-банди:
3-хатбошисининг тавсиясига кўра, акциядорлик жамиятлари (кейинги ўринларда АЖ) акциядорлар умумий йиғилиши қарорига асосан ҳар йили мустақил профессионал ташкилотлар – маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда бизнес-жараёнлар ва лойиҳаларнинг акциядорлик жамиятлари ривожланиш мақсадларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказади.
Бугунги кунда “ЎзИҚМК” АЖ бизнес-жараёнлари ва лойиҳаларнинг айнан “ЎзИҚМК” АЖ ривожланиш мақсадларига мувофиқлиги йўналишида таҳлил ўтказиш хизматларини кўрсатувчи мустақил профессионал ташкилотлар – маслаҳатчилар хизматидан фойдаланмайди.
Шу билан бирга, “ЎзИҚМК” АЖКузатув кенгаши томонидан ҳар йили “ЎзИҚМК” АЖфаолиятининг бизнес-режа, самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари, “ЎзИҚМК” АЖнинг ривожланиш стратегиясига мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказилади.
Кейинчалик, айнан “ЎзИҚМК” АЖ ривожланиш мақсадларига мувофиқлиги йўналишида таҳлил ўтказиш бўйича ташкилотларнинг хизматидан фойдаланишга зарурият бўлганда, тармоқ хусусияти, ҳамда “ЎзИҚМК” АЖ фаолиятининг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда, мазкур масалада таҳлил ўтказилади.
8- ва 10-хатбошиларининг тавсиясига кўра, АЖ таркибига кирувчи ташкилотларнинг бошқарув органлари йиғилишларида ўзининг вакилларини АЖ номидан овоз бериш тартиби белгиланади, АЖ ижро органидан мунтазам равишда жамият таркибига кирувчи корхоналар фаолияти юзасидан уларнинг тасдиқланган бизнес-режасига мувофиқ, бажарилган ишлар ва эришилган кўрсаткичлар тўғрисида ҳисобот талаб қилинади.
Хусусан, “UMRC SPV” МЧЖ “ЎзИҚМК” АЖ томонидан 100 фоиз улуш билан ташкил этилган бўлиб, унинг ягона иштирокчиси ҳисобланади. Шу билан бирга, мазкур “UMRC SPV” МЧЖ нинг директори айни вақтда “ЎзИҚМК” АЖнинг бош ижрочи директори ҳисобланади. “ЎзИҚМК” АЖ номидан шуъба корхона бошқарув органлари йиғилишларида алоҳида вакил тайинлаш зарурати амалда мавжуд эмас, чунки бошқарув функцияси бевосита бир шахс орқали амалга оширилмоқда. Овоз бериш тартибини алоҳида белгилаш амалиёти татбиқ этилмаган, сабаби қарорлар ягона иштирокчи ва ижро органи раҳбари томонидан бир вақтнинг ўзида қабул қилинади.
II. Кодекснинг IV бўлими 20-банди:
9-хатбошисининг тавсиясига кўра, АЖ маблағлари ҳисобидан миноритар акциядорлик қўмитасини таъминлаш харажатини қоплайди (миноритар акциядорлик қўмитаси тузилган тақдирда).
“ЎзИҚМК” АЖ да миноритар акциядорлик қўмитаси ташкил этилмаган. Қўмита ташкил этилганда мазкур тавсия бажарилади.
III. Кодекснинг V бўлими 24-банди тавсиясига кўра: АЖ мажбурий равишда акциядорлари таркибига (қонун ҳужжатлари белгиланган ҳолатлардан ташқари) АЖни бошқариш, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни ташқи бозорга экспорт қилишда иштирок этувчи стратегик хорижий инвесторларни жалб қилади.
“ЎзИҚМК” АЖ “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига мувофиқ ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти нобанк кредит ташкилотлари жумласига киради. Мазкур қонуннинг 17-моддасига асосан нобанк кредит ташкилотининг устав фонди (устав капитали) Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида шакллантирилади ва фақат нобанк кредит ташкилотининг муассислари (иштирокчилари, акциядорлари) томонидан киритилган пул маблағларидан ташкил топади. Юқорида кўрсатиб ўтилганларни инобатга олиб, “ЎзИҚМК” АЖ да мазкур тавсияни бажаришнинг имкони йўқ.